Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 14 октябрдаги қарори билан Тошкентдаги бир қанча жуғрофий объектлар номланиши тартибга солинди. Ҳужжат (PDF) шаҳар ҳокимлиги сайтида эълон қилинди.

Қарорга кўра, Миробод туманидаги Чехов кўчаси Фидокор деб аталадиган бўлди. Яккасарой туманидаги собиқ Театр майдони (ҳужжатда номсиз деб берилган) ҳайкали ёз мавсумида шу ерга кўчирилган рус шоири номига Пушкин майдони деб номланди.

Шунингдек, бир қанча номсиз кўча, тор кўча ва боши берк кўчаларга ҳам ном берилди. Хусусан, Олмазор туманидаги «Хислат» маҳалласидаги номсиз кўча Хислатобод, Учтепа туманининг «Чўпонота» маҳалласидаги шундай кўча эса Иззаариқ номини олди.