1 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов очди.

Учрашувда АҚШ Давлат котиби Жон Керри, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов иштирок этди.

Мажлисда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди, халқаро ва минтақавий долзарб масалалар муҳокама этилди.

Учрашув якунида Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва АҚШ ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация қабул қилинди. Тадбир иштирокчилари олти давлат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида умум манфаатдор масалалар юзасидан мунтазам сиёсий мулоқот ўтказиш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг янги формати — «С5+1»ни ташкил этишни маъқуллади.