29 октябрь куни Тошкентда Туркия Республикаси ташкил топганининг 92 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Намик Гюнер Эрпул байрам муносабати билан Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған йўллаган қутловни ўқиб эшиттирди.

«Туркия Республикасининг 92 йиллик тарихи халқимиз мушкул вазиятларга қарамай оёққа тура олганига шоҳидлик беради. Бу бизга умид бағишлайди ҳамда ҳар бир хатти-ҳаракатимиздан сабоқ чиқаришга ундайди. Биз давлат таъсис этилган илк кунлардан бошлаб, олти асрлик тарихга эга империя вайроналари орасида пайдо бўлган навқирон республикамизни муҳофаза этиш йўлидаги курашни қатъият, комил ишонч ва шижоат ила давом эттириб келмоқдамиз, муддаомиз эса буюк Отатурк оқилона ифода этганидек, „замонавий цивилизациянинг олий чўққилари“ни забт этишдир», — дейилади Ражаб Тойиб Эрдўған йўллаган табрикда.

Қайд этилишича, турли миллат, турли насл-насаб ва турли эътиқод вакилларидан иборат 78 миллион нуфусли турк халқи бир ёқадан бош чиқариб улуғвор мақсадлар йўлида ҳаракат қилмоқда. Хусусан, мамлакат 2023 йили — Республика таъсис этилганининг 100 йиллигида дунёнинг энг йирик 10 давлати қаторига киришни мақсад қилган. Туркия раҳбари табригида ушбу стратегик мақсаднинг ушалишига қатъий ишонч изҳор этилган.

Элчи Намик Гюнер Эрпулнинг таъкидлашича, айни пайтда Туркия иқтисодиёти барқарор ривожланмоқда ва мамлакат иқтисодий ўсиш кўрсаткичи бўйича дунёда 17-, Европада эса 6-ўринни эгаллаб турибди.

Дипломат ўз чиқишида Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди.

«Касб тақозосига кўра, умримизнинг кўп қисми хорижда ўтади. Ўзбекистонда рафиқам билан илк бор ўзимизни худди уйимиздагидек ҳис этдик. Ушбу унутилмас кечинмаларни туҳфа этгани учун ўзбекистонлик қардошларимга ҳамда бизга кўрсатган ҳурмати, ёрдами ва меҳмондўстлиги учун расмий идораларга эҳтиромимни изҳор этаман», — деди Туркия элчиси.

Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991 йил 16 декабрда тан олиб, Тошкентда ўз элчихонасини очган илк давлат ҳисобланади. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик 90 дан зиёд ҳужжат, шу жумладан, 1996 йил 8 майда имзоланган Адабий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида олиб борилмоқда.

Ҳамкорликни ривожлантиришда олий даражадаги учрашув ва ташрифларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. 2014 йилнинг февралида икки давлат раҳбарлари — Ислом Каримов ҳамда Ражаб Тойиб Эрдўған Сочида учрашган. 2012 йил ноябрда Туркия маданият ва туризм вазири Эртуғрул Гюнай, 2014 йил 10 июлда эса Туркиянинг ўша пайтда ташқи ишлар вазири, айни пайтдаги бош вазири Аҳмет Довудўғли Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Туркия Ўзбекистонга 1 млрд АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритган бўлиб, турк инвестицияси иштирокидаги 579 та корхона ва 84 та фирма ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Мазкур корхоналар асосан енгил саноат, озиқ-овқат, меҳмонхона хўжалиги, қурилиш материаллари ва пластик ишлаб чиқариш, фармацевтика ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларига мансуб. Туркия элчихонаси маълумотига кўра, тўқимачилик соҳасида фаолият кўрсатаётган турк корхоналари Ўзбекистон иқтисодиётига йилига 300 млн АҚШ доллари атрофида экспорт улушин қўшмоқда ва ушбу йўналишда 50 мингга яқин киши иш билан таъминлаган.