CLICK мобил ва интернет-банкинг тизими табиий газ ҳақини тўлаш хизматини жорий қилди ва ҳисобни ўша заҳотиёқ текшириш мумкин, дея хабар қилди компания вакили «Газета.uz»га.

«Ўзтрансгаз» компанияси билан тузилган битимга кўра, барча тўловлар автоматик тарзда қайд этилади ва бир зумда маълумотлар базасида акс этади.

Янги хизмат туридан Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудида фойдаланиш мумкин, айрим ҳудудлар тез орада ушбу хизматга уланади.

Газ ҳақини тўлаш учун вилоят коди ва шахсий ҳисоб рақамини билиш кифоя. Вилоятлар кодини CLICK сайтига кириб билиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бугун CLICK тизими ёрдамида чиқиндиларни олиб кетиш хизмати (Тошкент) ва совуқ сув таъминоти учун пул тўлаш мумкин. Компаниянинг билдиришича, бошқа коммунал тўловларни ҳам улаш устида иш олиб борилмоқда.