Пахта хомашёсини қабул қилиш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси ташкил этилади. 27 октябрь куни Ўзбекистон Президенти шу ҳақдаги фармонга қўл қўйди.

Фармонда «пахта хомашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш, пахта толасини жаҳон бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда экспорт қилиш бўйича ягона комплексни яратиш, пахта ва ёғ-мой маҳсулотларининг сифатини ҳамда рақобатдошлигини ошириш, шунингдек, республиканинг пахта тозалаш ва ёғ-мой корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун инвестицияларни, жумладан, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш» янги компаниянинг мақсадлари этиб белгиланди.

Компания таркибига қуйидаги бирлашмалар киради:

  • пахта хомашёсини қабул қилиш ва қайта ишлашни ташкил қилиш бўйича — тугатилаётган «Ўзпахтасаноат» уюшмаси негизида ташкил этилаётган «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий филиаллари, ушбу акциядорлик жамиятига «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмаларининг устав фондларидаги акцияларнинг давлат пакетларини топшириш ҳисобига унинг устав фонди шакллантирилади;
  • пахта толасини сақлаш ва экспорт қилишни таъминлаш бўйича — «Ўзпахтаэкспорт» акциядорлик жамияти, унинг устав фонди Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги ташқи савдо компанияларининг пахта терминаллари устав фондларидаги улушларини баҳолаш қиймати бўйича топшириш ҳисобига шакллантирилади;
  • пахта ёғи ишлаб чиқариш бўйича — «Ўзпахтаёғ» акциядорлик жамияти, унинг устав фонди пахта ёғи ишлаб чиқарувчи корхоналарни Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси таркибидан чиқарган ҳолда уларнинг устав фондларидаги акциялар (улушлар)нинг давлат пакетларини топшириш ҳисобига шакллантирилади.

«Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компаниясининг бошланғич устав капитали тугатилаётган «Ўзпахтасаноат» уюшмасининг мулки, шунингдек, ташкил этилаётган ихтисослаштирилган бирлашмалар — «Ўзпахтасаноат» АЖ, «Ўзпахтаэкспорт» АЖ, «Ўзпахтаёғ» АЖ акциялари пакетларининг 100 фоизини топшириш ҳисобига шакллантирилади.

Компания ва унинг таркибий бўлинмаларини ташкил этиш бўйича барча ташкилий тадбирлар комплексини амалга оширишдаги ишларни мувофиқлаштириш ва кўмак бериш учун бош вазир Ш.Мирзиёев бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилади.