Ўзбек-япон инсон ресурсларини ривожлантириш маркази (UJC) ҳамдиректори Саломбек Ҳабибуллаев Япония халқаро ривожланиш агентлигининг (JICA) фахрий ёрлиғи билан мукофотланди. 25 октябрь куни мукофотни Япония бош вазирининг Ўзбекистонга сафари вақтида JICA вице-президенти Кае Янагисава топширди.

Саломбек Ҳабибуллаев 2010 йил декабрида UJCни очишга тайёргарлик кўрила бошлаганидан бери ушбу ташкилотда JICAнинг техник ҳамкорлиги доирасида фаолият кўрсатиб келади.

UJC Ўзбекистондаги кичик бизнесни ривожлантириш йўлида япон бошқарув услуби бўйича амалий ўқув курслари ва семинарлар ўтказиб келади. Марказ, шунингдек, имконияти чекланган кишилар учун компьютер саводхонлиги курслари, япон тилини ўрганиш ва маданий алмашув бўйича ўқув курслари, жумладан, хаттотлик, икебана, оригами, чой маросимлари ва ҳк. бўйича машғулотлар ташкил қилади.

2011 йилдан бери JICAнинг фахрий ёрлиғи билан дунё бўйича 68 киши мукофотланди. Ҳабибуллаев ушбу мукофотни олган илк Ўзбекистон фуқароси бўлди.