Вазирлар Маҳкамасининг 22 октябрдаги қарори билан Ўзбекистон ҳукуматининг бир қанча қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб хабар қилади Norma.uz.

Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги 8-қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон ҳудудига кириш тартиби хорижий давлатларга стикер расмийлаштирмасдан чиқиш учун жавобгарликни белгилайдиган норма билан тўлдирилди. Ўзбекистондан ёхуд хорижий давлатлардан (кириш учун кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган) бошқа хорижий давлатларга стикер расмийлаштирмасдан чиқиш жавобгарликка олиб келади, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатлар бундан мустасно.

Масалан: Фуқаро Ўзбекистондан, масалан, Қозоғистон Республикасига (ўртада визасиз режим мавжуд) рухсатнома ёзуви стикерини расмийлаштирмай чиқиб кетди.Бу ҳолатда қонун бузилиши мавжуд эмас. Бироқ у стикерсиз Ўзбекистон Республикасидан кириш учун виза талаб этиладиган Германияг, ёки Қозоғистонда бўла туриб, тегишли стикерни олмасдан ГФРга сафар қилишга қарор қилса, у ҳолда бу ЖКнинг 223-моддаси 1-қисми билан кўзда тутилган жавобгарликка, яъни 200 дан 400 энг кам иш ҳақи миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

Яна ҳужжатда қайд этилишича, стикернинг амал қилиш муддати чет элда тамом бўлиши Ўзбекистонга киришда, шунингдек, бир хорижий давлатдан бошқасига сафар қилишда жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган хорижий давлатлардан бошқа хорижий давлатларга сафар қилиш бундан мустасно.

Масалан: Ўзбекистон билан виза режими ўрнатилган давлат, масалан, АҚШ ҳудудида бўлиш даврида Ўзбекистон фуқароси стикерининг амал қилиш муддати тамом бўлди. У Ўзбекистонга қайтиши ёхуд исталган бошқа давлатга кетиши мумкин ва бу қонун бузилиши ҳисобланмайди. Бироқ агар у Ўзбекистон билан визасиз режим ўрнатилган бирор давлатга, масалан, Россия Федерациясига келса ҳамда у ердан Ўзбекистонга қайтмай, балки бошқа мамлакатга, масалан, Қирғизистонга кетса, бу қонун бузилиши ҳисобланади ва олдинги мисолда кўрсатилган жавобгарликка олиб келади.

Шунингдек, ҳужжатда Ўзбекистондан ташқарида бўлган фуқаронинг паспорт олиши ва стикерни расмийлаштириши тўғрисидаги норма ҳам тўғриланди.

Чет элга вақтинча яшашга кетган (хизмат сафарига, ўқишга, даволанишга, контракт бўйича ишлашга) ва вақтинча консуллик ҳисобида турган Ўзбекистон фуқаролари паспортнинг амал қилиш муддати тамом бўлган ҳамда паспортда белгилар ва визалар қўйиш учун варақлар тугаган, паспорт яроқсиз ҳолга келган ёки йўқолган, шунингдек, стикерни расмийлаштириш муносабати билан паспорт алмаштирилган ҳолларда Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига ва консуллик муассасаларига белгиланган тартибдида ариза билан мурожаат қилади.

Кириш учун виза талаб этилмайдиган хорижий давлатлардаги Ўзбекистон фуқаролари стикерни расмийлаштириш учун Ўзбекистоннинг тегишли дипломатик ваколатхоналарига ёки консуллик муассасаларига белгиланган тартибдаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Фуқароларнинг аризаларини дипломатик ваколатхона ёки консуллик муассасалари расмийлаштиради ва паспорт расмийлаштириш учун Ташқи ишлар вазирлиги орқали Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига ва стикерни расмийлаштириш учун эса Ички ишлар вазирлигига қайта жўнатилади. Расмийлаштирилган ҳужжатлар эгасига топшириш учун Ташқи ишлар вазирлиги орқали юборилади. Паспортни расмийлаштиришнинг тўлиқ даврий муддати 30 иш кунидан ошмаслиги керак.

Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-қарори билан тасдиқланган Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келиши ва Ўзбекистондан кетиши тартиби фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистондан бошқа давлатларга стикер расмийлаштирмасдан чиқиши учун жавобгарлик тўғрисидаги норма билан тўлдирилди.

Стикернинг амал қилиш муддати чет элда тамом бўлиши Ўзбекистонга киришда, шунингдек, бир хорижий давлатдан бошқасига сафар қилишда фуқаролиги бўлмаган шахсларни жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 июлдаги 200-қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисидаги низом фуқароларнинг уларга кириш учун виза талаб этилмайдиган хорижий давлатларга чиқишида чет элга чиқиш учун рухсатнома ёзуви стикерини расмийлаштиришни талаб этмайдиган норма билан тўлдирилди.