«Ўзэкспомарказ» кўргазма майдонларида IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида 2 мингдан зиёд фирма ва компания, йирик саноат корхоналари 21 минг турдан ортиқ маҳаллийлаштирилган ёки ўзлаштириш учун таклиф этилаётган маҳсулотларни намойиш қилмоқда, деб хабар қилади ЎзА.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси маълумотларига кўра, саноат форумининг 4,8 мингдан ортиқ маҳаллий корхоналар иштирок этган дастлабки босқичи билан 89 мингдан зиёд киши, жумладан, хорижий компаниялар вакиллари танишди. Стендларда намойиш этилган 22 минг турдан ортиқ маҳсулотнинг 710 таси янги маҳсулотлардир.

«Туркистон-пресс» НААнинг маълум қилишича, ярмаркани 1250 та чет эл компанияси вакиллари келиб кўрмоқчи.

Ўтган йили Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида 8,3 трлн сўмдан ортиқ шанртномалар ва 7,2 млрд долларлик экспорт шартномалари имзоланган эди.

Ярмарка ва биржа 2 ноябргача давом этади. Ўша кунгача мамлакат иқтисодиёти соҳалари ва корхоналарининг 70 дан ортиқ тақдимоти ўтказилиши режалаштирилмоқда.