Ўзбекистон барқарор ташқи сиёсати туфайли Чехия Республикасининг энг асосий ҳамкорларидан бирига айланди. Бу ҳақда Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гинек Пейха мустақил Чехословакия Республикаси ташкил топганининг 97 йиллиги муносабати билан 19 октябрь куни Тошкентда ўтган тадбирда маълум қилди.

«Биз бугун Европада бўлгани каби Марказий Осиёда ҳам янги минтақавий муаммо ва глобал таҳдидларга қарши курашмоқдамиз. Салбий воқеликка биргаликда қарши туриш талаб этилади, бу жараёнда эса чинакам ҳамкор ва дўстларгагина суяниш мумкин. Шу ўринда жорий йил ёзда қабул қилинган Европа Иттифоқининг янгиланган стратегияси Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидламоқчиман… Ўзбекистон мустаҳкам ва қатъий ташқи сиёсати туфайли бугунги беқарор дунёда бизнинг асосий ҳамкорларимиздан бирига айланди», — деди Гинек Пейха.

Чех дипломати Ўзбекистон ўтган 24 йил давомида мустақил давлатчиликни мустаҳкамлаш ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт борасида катта ютуқларга эришганини таъкидлади.

«Чехия ва Ўзбекистон Республикалари ўртасида чинакам анъанавий дўстликни сақлаб қола олганимиздан беҳад хурсандман. Турли жабҳалардаги икки томонлама самарали ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Хусусан, савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтириш биз учун ҳам, ўзбекистонлик ҳамкорларимиз учун ҳам бирламчи вазифа саналади», — деб таъкидлади Чехия элчиси.

Қайд этилишича, айни пайтда йирик чех компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши ошиб бораётир. Бу борада янги таъсис этилган Ўзбекистон-Чехия ишбилармонлар иттифоқи имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Ушбу тузилма кўмагида «Ўзавтосаноат» компанияси жорий йил сентябрь ойида Чехиянинг Брно шаҳрида ўтган йирик машинасозлик кўргазмасида ўз салоҳиятини намойиш этди.

Икки давлат ўртасида маданий-гуманитар соҳаларда, жумладан, таълим бўйича ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда.

«Талабалар алмашуви кенгаймоқда, олий ўқув юртлари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот жонланмоқда. Чехия Республикаси ҳукумати келаси йил ўзбек мутахассисларига учта стипендия ажратишга қарор қилди, айни пайтда номзодларни саралаш давом этмоқда», — дея мулоҳазаларини давом эттирди элчи Гинек Пейха.

Ўзбекистон фуқароларининг Чехия курортларига қизиши азалдан баланд. Айни пайтда чехияликларга Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларини танитиш чоралари кўрилмоқда. Масалан, жорий йил октябрь ойида Чехиянинг Pozdní sběr фольклор гуруҳи Тошкент, Бухоро ва Хива шаҳарларида концерт берди.

1918 йили 28 октябрь куни — Биринчи жаҳон урушидан кейинги нотинч даврда, омонсиз курашлардан сўнг мустақил Чехословакия Республикаси таъсис этилган эди.

Чехия дипломати ушбу сананинг тарихий аҳамиятига тўхталиб бундай деди: «1918 йил 28 октябрь санасининг ҳал қилувчи аҳамияти шундаки, Чех давлатининг кўп асрлик анъаналари биринчи республикага пойдевор бўлган жозибали демократик идеаллар билан бойиди. Чехославакиянинг биринчи президенти Томаш Гаррик Масарикнинг мамлакат фаровонлиги демократик идеалларга риоя этишга боғлиқ, деган фикри ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган».

Гинек Пейха ўз нутқини жаҳон тарихи, маданияти ва илм-фанида ўчмас из қолдирган Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Алишер Навоий каби зотларга ҳурмат тариқасида ўзбек тилидаги мулоҳазалар билан якунлади.

Мустақил Чехословакия ташкил топганининг 97 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси номидан мамлакат иқтисодиёт вазири Галина Саидова ҳамда ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов иштирок этди.