Ўзбекистонда 2015-2017 йилларда «Пенсия» дастур мажмуаси негизида пенсия таъминоти бўйича идоралараро ягона «Нафақа» ахборот тизими жорий этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 19 октябрь куни қабул қилинган қарорида кўзда тутилган, деб хабар қилади Norma.uz сайтининг русча версияси.

«Нафақа» тизими қоғоз маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатлар олишни бекор қилиши билан кекса кишиларга қулайлик туғдириши керак. Қарорда қайд этилишича, ушбу тизим пенсия ва нафақаларни ҳам ўз вақтида молиялашни таъминлаб бериши лозим.

«Нафақа» Адлия Вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, «Ўзархив» агентлиги, Олий суд ва мамлакат тижорат банкларининг ахборот тизимлари билан интеграцияланади.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг «Пенсия» дастур мажмуаси пенсия ва нафақа оладиган 2,5 миллион пенсионер ва 237 минг фуқарога тегишли ягона маълумотлар базасидир.

Ҳукумат қарорида «Нафақа» тизимини жорий этиш режа-жадвали белгилаб берилди. Тизимни жорий этишда иштирок этадиган вазирлик ва идораларга уни тўлиқ, вақтида ва сифатли амалга ошириш юклатилди.