«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси Тошкент механика заводи (ТМЗ, собиқ «В.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси» ДАК) негизида темир йўл вагонлари ишлаб чиқарадиган корхона ташкил қилиш учун 202 млн АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизмоқчи.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган дастур 4 йўналиш бўйича янги юк вагонлари (йилига 650 та), музлатиш бўлмалари ва контейнерлар (300 та), йўловчи вагонлари (50 та), шунингдек, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш сингари 14 та лойиҳани қамраб олади. Лойиҳалар темир йўл компаниясининг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Дастурни амалга ошириш учун «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг низом жамғармасига ТМЗнинг 81,52 фоиз миқдоридаги давлат активлари ўтказиб берилди. Йил охиригача корхонани компаниянинг ишлаб чиқариш тузилмасига интеграция қилиш режалаштирилмоқда. ТМЗга 2018 йилнинг 1 январига қадар янги ишлаб чиқариш соҳалари самарали ишлаши учун бир қанча солиқ ва божхона имтиёзлари берилди.

2013 йил сентябрида «Ўзбекистон темир йўллари» «Қуюв механика заводи» шўъба корхонасида вагонларни таъмирлаш ва вагон ишлаб чиқаришни ташкил қилишни 150 млн долларлик маблағ ҳисобига модернизациялаган эди. Ҳисоб-китобларга қараганда, лойиҳани амалга ошириш Россия, Беларусь ва Қозоғистон бозорларидан йирик буюртмалар олиш имконини беради. 2010 йилда Қуюв механика заводи Россиянинг Темир йўл транспорти федерал агентлиги сертификатлаш регистридан вагонларни кўплаб ишлаб чиқариш учун сертификат ва рухсатнома олган эди.

Ўзбекистонги темир йўлларининг умумий узунлиги — 4200 км. Ички юк айланмасининг 60 фоизи, экспорт ва импорт юк ташишларининг қарийб 80 фоизи темир йўл ҳиссасига тўғри келади.