Япония бош вазири Синдзо Абэ Мўғулистон ва Марказий Осиё мамлакатлари: Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон бўйлаб тарихий сафарга чиқди, деб хабар қилади РИА Новости. Унга сафари давомида Япония компанияларининг 50 нафар вакили ҳамроҳлик қилади.

Сафар 27 октябрга қадар давом этади ва бош вазир 5 кун давомида 6 та мамлакатга ташриф буюради. Зикр этилган мамлакатлардан учтасига Япония ҳукумати раҳбари илк марта боради.

«Сафарни ҳеч иккиланмай тарихий деб аташ мумкин. Мўғулистондан сўнг бош вазир Туркманистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга йўл олади. Шу пайтгача бош вазир Дзюнъитиро Коидзуми Қозоғистон ва Ўзбекистонгагина борган эди. Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистонга Япония ҳукумати раҳбари илк марта сафар қилади», — деди Япония ТИВ мулозими РИА Новости мухбирига.

Ҳар бир мамлакатга сафари чоғида Абэнинг давлат раҳбарлари билан учрашувлари, бизнес-форумларда иштирок этиши, шунингдек, қўшма баёнот ва ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда. Япония бош вазири сафари якунлари бўйича 27 октябрь куни Назарбоев университетида маъруза қилади.