Европа ташқи сиёсат хизмати бош котиби Ален Ле Руа 18-20 октябрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташриф буюрди ва унга Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Петер Буриан ҳамроҳлик қилди.

ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонасидан «Газета.uz»га хабар қилишларича, А.Ле Руа Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари ва молия вазири Рустам Азимов, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўринбосари Шавкат Тўлаганов билан учрашди.

Музокаралар чоғида турли соҳалардаги, жумладан, хавфсизлик, қишлоқ тараққиёти, таълим, инсон ҳуқуқлари, энергетика, сув ресурсларини бошқариш ва иқтисодий алоқалар бўйича Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Сафар давомида меҳмонлар Тошкентдаги ЕИ молиялаштираётан ривожланиш бўйича лойиҳа амалга оширилаётган жойни бориб кўрди ҳамда мамлакатда рўйхатдан ўтган ҳалқаро ташкилотлар ва дипломатик миссиялар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Европалик дипломатлар Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар янада ривожланишига ва ҳамкорликнинг янги соҳалари очилишига ишонч билдирди.