21 октябрь куни Тошкентда China Southern Airlines компанияси ўз хизматлари тақдимотини ўтказди. Компаниянинг маркетинг бўлими раҳбари Сюй Дзиан Мин Ўзбекистондаги фаолиятни янада жонлантиришга алоҳида аҳамият берилаётганини таъкидлади.

«Марказий Осиёда жойлашган Ўзбекистон ҳамиша транспорт узвларининг бош бўғини бўлиб келган. Шу боис ҳам China Southern Airlines компанияси мазкур йўналишда авиақатновларни ривожлантиришга катта аҳамият бериб келади. 1992 йилнинг 25 августида Урумчи ва Тошкент, бир муддат кейин эса Пекин ва Тошкент ўртасида расман йўналишлар очилган. Ҳозирга қадар China Southern Airlines Хитойдан Ўзбекистонга ҳаво қатновларини амалга ошираётган ягона авиакомпания бўлиб қолмоқда», — деди Сюй Дзиан Мин.

Айни пайтда China Southern Airlines компанияси Хитой ва Ўзбекистон ўртасида ҳафтасига тўрт бора авиақатновларни амалга оширмоқда. Компания вакилининг фикрича, авиация бозорининг кенгайиши ҳамда қатновларнинг кўпайиши Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алмашувни янада фаоллаштириш, дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва халқлар ўртасидаги робиталарни кучайтиришга хизмат қилади.

2013 йилда Хитой раҳбарияти қадимги Буюк ипак йўли ўтган мамлакатларни ягона транспорт тизимига боғлаб, «иқтисодий белбоғ» яратиш ташаббуси билан чиққан эди. Хитойнинг энг йирик авиаташувчиси саналган China Southern Airlines ҳам мазкур концепцияни фаол қўллаб-қувватламоқда.

«Хитой раҳбариятининг „Ягона йўл“ ташаббусига жавоб сифатида China Southern Airlines Марказий Осиё минтақасида йўналишлар тармоғини янада кенгайтиришга интилмоқда. Яъни биз ҳаво кенгликларидаги Ипак йўлига асос солишни кўзлаганмиз», — дея ўз мулоҳазаларига якун ясади Сюй Дзиан Мин.

Тақдимот маросимида сўз олган Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе ҳам Буюк ипак йўлини тиклаш лойиҳасига эътибор қаратди.

Хитой элчиси Сунь Лицзе

«Хитой Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа давлатлар билан ҳамжиҳатликда Буюк ипак йўлининг „иқтисодий белбоғи“ ва денгиздаги Ипак йўлини қайта тиклаш йўлида изчил саъй-ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон кўҳна Буюк ипак йўлининг муҳим бўғини сифатида „иқтисодий белбоғ“ни бунёд этишда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бу эса Хитой-Ўзбекистон ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликнинг порлоқ уфқларини очади», — деди элчи Сунь Лицзе.

Хитойлик дипломатнинг таъкидлашича, China Southern Airlines авиакомпанияси ўз фаолияти билан Буюк ипак йўлининг «иқтисодий белбоғи»ни бунёд этишга ҳисса қўшмоқда.

China Southern Airlines дунёдаги йирик авиакомпаниялар сирасига киради. Ҳар куни дунёнинг 40 мамлакати бўйлаб 2000 дан зиёд авиақатновни амалга оширади. Компания Airbus ва Boeing русумли 600 дан зиёд замонавий самолётга эга. Авиапаркининг катталиги бўйича у Осиёда биринчи, дунёда бешинчи ўринда туради.

Авиаширкат 2014 йилда 100 миллиондан ошиқ йўловчини ўз манзилига етказган. Бу жиҳатдан ҳам у Осиёда биринчи саналади. 2012 йилда China Southern Airlines Хитой Фуқаро авиацияси маъмуриятининг хавфсиз парвоз учун мукофотига сазовор бўлган.

Тақдимотда қайд этилишича, ўзбекистонликлар ҳам Пекин ва Урумчи транзит рейслари орқали Хитойнинг йирик шаҳарларига ҳамда Европа, Америка, Жануби-шарқий Осиё давлатлари, шунингдек, Австралия, Жанубий Корея ва Японияга сафар қилишлари мумкин.