Сешанба куни Алишер Навоий номидаги Миллий боғда Марказий Осиёдаги биринчи БМТ экобоғига асос солиш маросими бўлиб ўтди. Боғ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 70 йиллиги шарафига бунёд этилди.

«Дарахт узоқ умр кўриш рамзидир, — дея таъкидлади бунёд этиш маросимида БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер. — БМТ ташкил этилгандан бери узоқ йўлни босиб ўтди. Бугун дунё 70 йил олдинги дунёдан кескин фарқ қилади. Биз қаримадик, аксинча, балоғат ёшига етдик».

«Биз ҳар куни янги муаммоларга жавоб қайтарамиз, — дея гапини давом эттирди у. — Ҳар доим ҳам айтганимиз бўлавермайди, лекин „БМТ кучли бўлса, дунё яхшилик томон ўзгаради!“ шиоримизга жавобан қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз».

Экобоғни бунёд қилишда БМТ Ўзбекистондаги ваколатхонасининг 200 дан ошиқ ходими иштирок этди. Ушбу ташкилот 12 агентлик ва БМТ дастурларини бирлаштиради. Боғни яратишда Ўзбекистон Экология ҳаракати ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёрдам кўрсатди.

Миллий боғ узугига кўз қўйгандай ярашган экобоғ кўл бўйидаги 1 гектар майдонда жойлашган 370 та ниҳолдан иборат. У ерга ҳар бирининг ўзига яраша жозибаси бор беш хил дарахт: дерен, каркас, багряник, заранг ва скумпия экилди.

Фото