Вазирлар Маҳкамасининг 9 октябрдаги қарори билан 28 августда қабул қилинган қарорга ўзгартириш киритилди. Августдаги қарорга кўра, 1 сентябрдан мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни автотранспорт воситаларида экспорт қилиш тақиқланган эди.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат августда қабул қилган қарори билан мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни (ТИФ ТН коди 07-08) автоуловларда экспорт қилишни тақиқлаган эди. Қарорда бундай тўхтамга келишдан мақсад қайд этилган маҳсулот турларини экспорт қилишни тартибга солиш, экспорт контрактларини суғурта қилишнинг амалдаги механизмини такомиллаштириш, шунингдек, маҳсулотларнинг кўрсатиб ўтилган турларини экспорт қилишга доир контрактларни божхонада расмийлаштиришнинг янада очиқ-ошкоралигини таъминлаш ҳамда уларнинг республика божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш экани қайд этилган эди.

Зикр этилган қарорга киритилган ўзгартиришга кўра, 2016 йилнинг 1 январига қадар мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотларини улардан, шунингдек, дуккакли экинлар маҳсулотларидан мамлакат ички бозорида ва экспортни ташкил қилишда оқилона фойдаланиш бўйича ишчи гуруҳ рўйхатига киритилган юридик шахслар экспорт қилиши мумкин.