Ўзбек дзюдочилари 18 октябрь куни Парижда бошланган «Катта дубулға» турнирининг француз босқичида биттадан олтин ва бронза медалини қўлга киритди. Мусобақада 84 та мамлакатдан 435 нафар спортчи иштирок этмоқда, деб хабар қилади Дзюдо федерацияси матбуот хизмати.

2015 йилда Самсун (Туркия) ва Тбилисида (Грузия) бўлиб ўтган Гран-при ғолиби Шарафиддин Лутфиллаев (60 кг.гача вазн тоифаси) афсонавий «Терси» спорт мажмуасида 5 марта татамига тушди. У дастлабки учта саралаш беллашувида Туркия, Канада ва Бразилия вакиллари курагини ерга теккизди. Лутфиллаевни финалда курашиш имкониятидан Бокудаги «Катта дубулға» турнирининг кумуш медали соҳиби, франциялик Винсент Лимаре маҳрум қилди, лекин унинг ўзи яна кумуш медали билан кифояланди. Бронза медали учун тортишувда Шарафиддин швейцариялик дзюдочини 31 сонияда енгди.

Шарафиддин Лутфиллаев (ўнгдан четда турган).

2014 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Гран-при мусобақасининг бронза медали соҳиби Шаҳзодбек Собиров (81 кг.гача) 5 та беллашувнинг барчасини зўр ўтказиб, «Катта дубулға» турнирининг олтин медалига сазовор бўлди. У саралаш босқичларида Чехия, Венгрия ва Нидерландлар Қироллиги дзюдочиларини енгди. Ярим финалда Шаҳзодбекнинг рақиби мўғулистонлик тажрибали дзюдочи, Осиё биринчилигининг бронза медали соҳиби, Гран-при совриндори Отгонбаатар Уунгабаатар бўлди. 5 дақиқалик беллашувда ғолиблик ўзбек спортчисига насиб этди. Собиров ҳал қилувчи олишувда россиялик Сергей Рябовдан устун келди.

Олимпиадада қатнашиш учун рейтнг очколари йиғиш пойгасининг француз босқичи жорий мавсумда ушбу тадбирларнинг учинчиси бўлди. Бунгача айни турнирлар Боку ва Тюменда ўтказилган эди. Жорий йил охиригача яна иккита босқич Абу-Даби ва Токиода бўлиб ўтади. Мусобақаларда қўлга киритилган мукофотлар спортчиларга Рио-2016 олимпия ўйинларига саралаш рейтингларини очколар билан тўлдиришда ёрдам беради. Олтин медаль олган спортчилар 500, иккинчи ўрини олганлар 300 ва бронза медалини қўлга киритганлар 200 баллдан жамғариб боради.