Шанба куни Тошкентда Профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) мусобақалари тақвимидан жой олган Tashkent Challenger 2015 анъанавий халқаро турнири якунланди, деб хабар қилади ЎзА. 

Мукофот жамғармаси 125 минг АҚШ доллари бўлган турнирнинг яккалик баҳсларида Ўзбекистонннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин биринчи даврада беларуслик Владимир Игнатик, иккинчи даврада германиялик Максимилиан Мартерер, чорак финалда россиялик Евгений Донской ва ярим финалда ҳиндистонлик Юки Бамбирини мағлубиятга учратиб, финал йўлланмасини қўлга киритди.

Ҳал қилувчи учрашувда теннисчимиз словакиялик Лукаш Лацкога қарши кортга чиқди. Мазкур баҳсда ўзининг юқори техника ва аниқ тўп узатмалари натижасида Денис рақибини 6:3, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратиб, халқаро турнирнинг бош совринига сазовор бўлди.

Теннис Федерацияси сайтида маълум қилинишича, Истомин ушбу ғалабадан сўнг 125 рейтинг очкоси ва 18 минг долларлик мукофот пулига эга бўлди.

Мусобақанинг жуфтлик баҳсларида россиялик Михаил Елгин ва беларуслик Сергей Бетов ғолиб бўлди.