46 та вагондан иборат, 2760 тонна пўлат ўрами юкланган «Биньсиньоу-Биньчжоухао» халқаро юк поезди жума куни Шаньдун вилояти (Шарқий Хитой) Босин уездидаги Биньчжоу шаҳридан Ўзбекистон томон йўлга чиқди, деб хабар қилади Синьхуа агентлиги.

Бу Хуанхэ дарёсининг денгизга қуйилиш жойидан йўлга чиққан илк халқаро юк поезди бўлиб, «Ипак йўлининг иқтисодий белбоғи» бўйидаги шаҳарларни туташтиради. Лойиҳага кўра, поезд битта магистраль ва иккита тармоқ бўйлаб ҳаракатланади.

Поезд асосий магистраль бўйлаб Синьцзян-Уйғур автоном туманининг (Шимоли-ғарбий Хитой) Алашанькоу шаҳридан Алмати орқали Тошкентга юк ташийди. Йўл узунлиги 5630 км бўлиб, поезд уни 7 кунда босиб ўтади. Дастлаб у ҳафтасига бир марта қатнайди.

Поезд битта тармоқ бўйлаб Ички Мўғулистон автоном туманининг (Шимолий Хитой) Маньчжоули шаҳри ёки Ички Мўғулистон АТнинг Эрэн-Хото шаҳар уезди орқали Россиянинг Красноярск шаҳрига етиб боради (тармоқнинг узунлиги 9661 км). Иккинчи тармоқ (11161 км) Алашанькоу билан Германиянинг Дуйсбург шаҳрини боғлайди.