Вадим Абрамов пойтахт «Локомотив» футбол клубининг бош тренери лавозимидан кетди. Шанба куни клуби раҳбарияти мажлисида шундай қарор қабул қилинди, дея хабар тарқатди ФК матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Олий лиганинг 25-турида «Локомотив» меҳмонда «Қўқон-1912» жамоаси билан дуранг ўйнади. 2:0 ҳисоби билан олдинда бораётган «темирйўлчилар» ўйин охирига бориб, дарвозасидан 2 та гол ўтказиб юборди.

«Натижада ўйинни ютиши керак бўлган „Локомотив“ ютқазди. Бундай натижа клуб раҳбариятини, албатта, қониқтирмади, чунки чемпионлик имконияти пасайиб кетди. Бу ҳам етмагандай, кеча асосий рақибимиз „Пахтакор“ ғалаба қозонди», — дейилади клуб тарқатган хабарда.

Клубдан Абрамов билан бирга ёрдамчиси Марат Мифтахутдинов ҳам кетди. Мавсумнинг қолган 5 та ўйинида клуб натижалари учун Андрей Микляев — Мирко Йелечич жуфтлиги жавоб берадиган бўлди.

«Локомотив» матбуот хизмати хабарида Вадим Абрамовга ҳамкорлиги ва унинг раҳбарлигида эришилган ютуқлар учун миннатдорлик билдирилди. Абрамов клубнинг 2014 йил февралидан бери бошқараётган эди.