13 октябрь куни Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг (Инспекция) маъмурий биносида мобил алоқа операторлари билан йиғилиш ўтказилди.

Инспекциянинг хабар қилишича, мажлис истеъмолчилар ҳуқуқларини химоя қилиш ва мобил алоқа қамров ҳудуди ҳамда тармоқ сифат кўрсаткичларини белгиланган техник меъёрларига келтириш ҳамда абонентларга мобил алоқа хизматларидан кеча-кундуз фойдаланиш имконини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Йиғилишда қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:

  • аҳоли кам истиқомат қиладиган ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларни мобил алоқа тармоғи билан қамраб олиш;
  • мобил алоқа тармоғи қамрови мавжуд бўлган, шунингдек, электр қуввати таъминотида кўп узилишлар бўладиган ҳудудларда абонентларга мобил алоқа хизматларидан кечаю кундуз фойдаланиш имконини яратиш;
  • аҳоли зич жойлашган ҳудудларда мобил алоқа тармоқ сифат кўрсаткичларининг белгиланган техник параметрларга мувофиқлигини ва сифат кўрсаткичларининг белгиланган меъёрдан оғиш ҳолатлари мавжуд бўлган ҳудудларда мобил алоқа сифатини яхшилаш;
  • мобил алоқа объектларни қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш муддатларини қисқартириш;
  • ахборот ва маълумотлар хизмати (call-марказ) фаолиятини такомиллаштириш ва абонентларга сифатли ҳамда тезкор хизмат кўрсатиш, шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқишда натижали чоралар кўриш.

Йиғилишда айтиб ўтилган барча камчилик ҳамда таклифлар атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.