XI Халқаро пахта ва тўқимачилик ярмаркасида 700 минг тонна Ўзбекистон пахта толасини сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланди ва бу ўтган йилга нисбатан 120 минг тонна кўпдир, деб хабар қилади ЎзА.

Форумда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 800 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдордаги шартномалар шартномаларга қўл қўйилди (ўтган йили бу кўрсаткич 1 млрд доллардан ошиқ бўлган эди).

Президент Ислом Каримов ташаббуси билан 2005 йилдан бери ўтказилиб келаётган ярмаркада бу йил 40 дан ортиқ мамлакатдан 1000 дан зиёд фирма ва компания мутахассислари иштирок этди.

Ўзбекистон пахта толаси тайёрлаш бўйича дунёда олтинчи ва унинг экспорти бўйича бешинчи ўринда туради. Мамлакатдан ҳар йили 3 миллион тоннадан зиёд пахта хомашёси тайёрланмоқда.

90-йилларда пахта толасини қайта ишлаш ҳажми атиги 7 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 40 фоиздан ошди. Яқин келажакда бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш режалаштирилаётир.

Ўзбекистонда қарийб 3000 та енгил саноат корхонасининг 312 таси «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти таркибига киради. Уларнинг 100 дан ортиғи ярмаркада ўз маҳсулотларини намойиш қилди.

Ярмарканинг хорижлик иштирокчилари Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги ва бундан манфаатдорлигини билдирди. Улар мамлакатимиз ҳудудларининг инвестиция салоҳияти ва тўқимачилик соҳасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар тақдимот маросимларида иштирок этди, шунингдек, Тошкент вилоятидаги «Ўзбекистон» пахтани қайта ишлаш заводи, «Тошкент-тола» пахта терминали ва «Ўзтекс-Чирчиқ» тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди.