Ўзбекистон тикланувчи энергия манбаларини (ТЭМ) жорий қилиш ҳисобига 2030 йилга бориб, миллий энергия тизимининг белгиланган қувватини 3,443 ГВт ёки 28 фоиз ошириб, 15,8 ГВтга етказиши мумкин, дейилади пайшанба куни эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Паст углеродли ривожланиш стратегияси»да.

Кўрсатилган режаларни амалга ошириш ТЭМ ҳисобига 11,4 млрд кВт/с электр қуввати ишлаб чиқариш ва ҳар йили 3,9 млрд м3 табиий газни тежаб қолиш имконини беради, дея таъкидланади ҳужжатда. Стратегия БМТнинг Тараққиёт дастури ва Иқтисодиёт вазирлигининг «Миллий иқтисодиётни паст углеродли ривожланиш йўлига ўтказишда Ўзбекистонга кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Хусусан, 2030 йилга бориб, Ўзбекистондаги қуёш станциялари қуввати 2 гВтга етиши ва 5 млрд кВт/с электр қуввати ишлаб чиқарилишини таъминлаши мумкин. Зикр этилган даврда гидроэнергетика қуввати 938 мВт ўсиши ва қўшимча 2,599 млрд кВт/с электр қуввати ишлаб чиқариши, мос равишда биогаз қурилмалари 465 мВт ва 3,72 млрд кВт/с, шамол қурилмалари эса 40 мВт ва 80 млн кВт/с ўсиши мумкин.

Илгари Ўзбекистон ҳукумати республиканинг 2020 йилгача бўлган ёқилғи-энергетика балансини ишлаб чиқаётгани ва кейинчалик 2030 йилгача ёқилғи-энергетика баланси концепциясини шакллантирмоқчи экани хабар қилинган эди. Қайд этилган давр мобайнида мамлакат энергетика балансидаги ТЭМ (сув, қуёш ва шамол энергетикаси) улушини 10 фоиздан 20 фоизга, кўмирникини 5 фоиздан 15 фоизга ошириш, газдан электр қуввати олиш улушини эса 85 фоиздан 65 фоизга тушириш кўзда тутилмоқда. 

Расмий маълумотларда қайд этилишича, Ўзбекистонда энергия ресурслари сарфи 2030 йилга бориб, 2013 йил билан солиштирилганда 25,5 фоиз ўсади ҳамда ЯИМнинг 8-8,5 фоизлик йиллик ўсиш суръати сақланиб қолганда нефть эквивалентида 43,5 миллион тоннани ташкил этади. Ҳисоб-китобларнинг кўрсатишича, Ўзбекистоннинг ТЭМ потенциали нефть эквивалентида 51 млрд тонна, техник потенциали эса нефть эквивалентида 179,8 млрд тоннадир.