16 октябрь куни Бурабай (Қозоғистон) қўрғонида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов иштирок этди. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев раислигида ўтган саммит — зирвада бир қанча ҳалқаро масалалар, шунингдек, гуманитар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ҳарбий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар қилади МДҲ Ижроия қўмитасининг матбуот хизмати.

Давлат раҳбарлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилганининг 70 йиллиги, халқаро терроризмга қарши кураш ва Чернобиль АЭСда рўй берган фалокатнинг 30 йиллиги муносабати билан баёнотлар имзолади. Бундан ташқари, 2016 йилда Дашогуз шаҳрини (Туркманистон) МДҲнинг маданий маркази деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мажлис давомида ҳуқуқий соҳада ҳамкорлик қилиш бўйича бир қанча масалалар муҳокама этилди. МДҲда иштирок этувчи давлатларнинг «Фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш ва уларни бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битим» имзоланди.

«МДҲ давлатларининг 2020 йилгача ҳарбий ҳамкорлиги конвенцияси» тасдиқланди. Унда яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш, ўзаро ишончни кучайтириш, миллий ҳарбий қуролли кучларни ривожлантириш, кенг кўламли шериклик муносабатлари асосида МДҲ мамлакатларининг бирга ва миллий хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган кўптомонлама ҳарбий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадлари, вазифалари ва мазмунига оид келишилган қарашларнинг мажмуи мавжуд.

Давлат раҳбарлари чегара соҳасига оид бир қанча масалаларни ҳам муҳокама қилди. Ҳамдўстлик давлатларининг «Ташқи чегараларда 2016-2020 йилларга мўлжалланган чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик дастури» тасдиқланди. Ушбу ҳужжатда МДҲ давлатлари чегара идораларининг ягона ахборот маконини яратиш бўйича тадбирлар мажмуини амалга ошириш, МДҲ ташқи чегараларининг энг таҳдидли йўналишлари қисмларини тартибга солиш, чегара соҳасидаги кадрларни профессионал жиҳатдан тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш кўзда тутилади.

МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисини 2016 йил 16 сентябрда Ҳамдўстлик раислиги ўтаётган Қирғизистонда ўтказишга келишиб олинди.