Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Ўзбекистондаги айрим мобил алоқа операторлари ишида камчиликлар аниқлангани ҳақида хабар тарқатди.

Гап «мобил алоқа хизматлари сифат кўрсаткичларининг белгиланган меъёрларга мувофиқ эмаслиги, абонентларга мобил алоқа хизматларидан туну кун фойдаланиш имконияти яратилмагани, аҳоли кам истиқомат қиладиган ҳудудлар бундай алоқа билан тўлиқ қамраб олинмагани, бу эса ўз навбатида ушбу ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳоли мурожаатлари сони кўпайишига олиб келаётгани» ҳақида кетмоқда.

Зикр этилган камчиликлар Электромагнит мослашув маркази ДУК билан ҳамкорликда ўтказилган радиомониторинг ҳамда операторлар тақдим этадиган тармоқ сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги ойлик ҳисоботлар ва таянч станциялар тўхталишлари бўйича маълумотлар, шунингдек, келиб тушган мурожаатлар таҳлили натижаларига асосида аниқланди.

Инспекция, юқоридаги қамчиликларга йўл қўйган Coscom (Ucell савдо белгиси), Unitel (Beeline), RWC (Perfectum) ва «Узбектелеком» (Uzmobile) мобил алоқа операторларига алоқа хизматини амалдаги қонун ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ кўрсатишни таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди.