Олимпия резервлари республика теннис мактаби кортларида эркаклар ўртасида Tashkent Challenger 2015 халқаро теннис турнирининг биринчи давраси мусобақалари ниҳоясига етди ва 6 нафар ўзбек теннисчисидан 3 нафари курашни иккинчи даврада давом эттирадиган бўлди.

ЎзАнинг хабар қилишича, Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин яккалик баҳсларининг биринчи даврасида исроиллик Владимир Игнатикни 7:6, 6:4 ҳисобида енгди. Умидли теннисчимиз Санжар Файзиев эстониялик Владимир Ивановни 6:4, 7:5 ҳисобида мағлубиятга учратди. Фаррух Дўстов эса босниялик Алдин Сеткия устидан 6:2, 7:5 ҳисобида ғалаба қозонди.

Иккинчи даврада Денис Истомин германиялик Максимилиан Мартерер, Фаррух Дўстов россиялик Константин Кравчук, Санжар Файзиев эса чехиялик Ян Сатрал билан баҳслашади.