Покистон бош вазири Навоз Шариф ноябрь ойида Ўзбекистонга сафар қилади, деб ёзади Покистоннинг Dispatch News Desk нашри.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Покистондаги янги элчиси Фурқат Содиқов сешанба куни ушбу мамлакат Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитаси бошлиғи Нузат Содиқ билан учрашув чоғида маълум қилди.

Элчининг айтишича, Покистон ҳукуматининг Ўзбекистонга сафари муҳим воқеа бўлади ва икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очади.

Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасини кўпайтириш зарур экани қайд этилди.

Ўзбекистон элчиси, Миллий авиакомпания келаси йил мартида Тошкент-Лаҳор рейсини очиши ва у муваффақият келтирса, Тошкент-Исломобод авиақатновини ҳам йўлга қўйиши мумкин, деб айтди.