13 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Хитойнинг Шаньси провинцияси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ва кооперация биржаси бўлиб ўтди, деб хабар қилади ЎзА.

Тадбирларни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Хитой халқаро савдо тараққиётига кўмак бериш қўмитаси ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ташкил этди.

Бизнес-форум ва кооперация биржаси мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги лойиҳаларни муҳокама қилиш учун қулай имконият бўлиб хизмат қилади.

Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Назира Дадахонованинг таъкидлашича, бундай тадбирлар Ўзбекистон — Хитой иқтисодий ҳамкорлигини ташкил қиладиган улкан имкониятларнинг бир қисми, холос. Ҳамкорликдаги бизнес-форумлар ва турли тадбирлар икки томонлама муносабатларни янги мазмун билан бойитишда муҳим аҳамиятга эга.

Бу галги бизнес-форум ва кооперация биржасида машинасозлик, фармацевтика, тўқимачилик, қурилиш, озиқ-овқат, кимё саноати, электротехника, муқобил энергия манбалари, замонавий технологиялар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган концерн ва компанияларининг вакиллари иштирок этди.

 — Шаньси провинцияси табиий бойликлар захираси ва замонавий саноатни ривожлантириш суръати бўйича Хитойда етакчи ўринни эгаллайди, — дейди Хитой халқаро савдо тараққиётига кўмак бериш қўмитасининг Шаньси провинциясидаги ваколатхонаси раиси ўринбосари Ву Фуцзи. — Бугунги тадбирларда ушбу ҳудуддаги кўплаб компания вакиллари қатнашди. Улар Ўзбекистон корхоналари билан савдо муносабатларини ривожлантиришга катта қизиқиш билдирди.

Бизнес-форумда мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти ва инвестициявий муҳит хусусида маълумотлар тақдим этилди. Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги «Ўзинфоинвест» агентлиги, «Ўзфармсаноат» концерни, «Ўзэлтехсаноат» компанияси ва Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмасининг тақдимотлари бўлиб ўтди.

Тадбир якунида турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор инвестициявий шартномалар имзоланди.