Ўзбекистон терма жамоаси кадетлар ва ўсмирлар ўртасида дзюдо бўйича Бангкокда (Таиланд) бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 13 та медални қўлга киритди, деб хабар қилади мамлакат Дзюдо федерацияси.

Кадетлар ўртасидаги мусобақаларда Ўзбекистон учта олтин, битта кумуш ва тўртта бронза медали олиб, медаллар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўринга олтита олтин медаль билан Қозоғистон термаси кўтарилди. Хитой Тайбэйи жамоаси эса учинчи ўринни олди.

Мусобақаларда Ўзбекистон кадетлар жамоасидан 8 нафар ўсмир йигит ва 5 нафар қиз иштирок этди. Шоҳсупанинг энг юқори поғонасига финал баҳсларида эронлик Жовад Муродийни енгган Жасур Содиқов (73 кг.гача), қирғизистонлик Эрлан Шеровнинг курагини ерга теккизган Шерхон Тўрабоев (81 кг.гача) ва ҳиндистонлик Пинки Балхарадан устун келган Санобар Султонова (52 кг.гача) кўтарилишди.

Ягона кумуш медалга 66 кг.гача вазн тоифасида Ғолибжон Сулаймонов сазовор бўлди. Аловиддин Жўрақобилов (90 кг.гача), Гулнур Муратбаева (44 кг.гача), Нодира Йўлдошева (70 кг.гача) ва Дилноза Камолова (70 кг.дан ортиқ) умумий жамғармага бронза медалларини тақдим этди.

Ўзбекистон ўсмирлари 4 та кумуш ва битта бронза медали билан медаллар сони бўйича еттинчи ўринни банд этди. Артём Штурбабин (60 кг.гача) ва Маҳлиё Маннонова (57 кг.гача) терма жамоага кумуш медаллар олиб берди. Мусобақаларнинг сўнгги куни Бекмурод Олтибоев (100 кг.гача) ва Ренат Назмитдинов (100 кг.дан ортиқ) шоҳсупанинг иккинчи поғонасини эгаллади, Илҳомжон Фармонов (90 кг.гача) бронза медалини қўлга киритди.