Беларуснинг амалдаги президенти Александр Лукашенко мамлакат раҳбари сайловида 83,49 фоиз овоз олиб, ғолиб чиқди, дея баёнот берди МСК раиси Ермошина, деб хабар қилади РИА новости.

Президентга энг кўп овозни (88,29 фоиз) Могилёв вилояти сайловчилари берди, энг кам овозни эса у Минскда (65,58 фоиз) олди.

83,49 фоизлик кўрсаткич амалдаги президент иштирок этган бешта сайлов кампаниясидаги энг юқори кўрсаткич бўлди. У 1994 йили сайловнинг иккинчи босқичида 80,6 фоиз, 2001 йилда 75,65 фоиз, 2006 йилда 83,0 фоиз, 2010 йилда эса 79,65 фоиз овоз олган эди.

МСКнинг дастлабки маълумотларига кўра, «Говори правду» («Ҳақиқатни сўзла») мухолифат кампанияси фаоли, Беларусь тарихида президентликка илк аёл номзод Татьяна Короткевич 4,42 фоиз, Либерал-демократик партия етакчиси Сергей Гайдукевич 3,32 фоиз, Беларусь ватанпарварлари партияси раҳбари Николай Улахович 1,67 фоиз овоз олди. Барча номзодларга қарши 6,4 фоиз сайловчи овоз берди.

МСК эълон қилган маълумотлар Беларусь ташқариси, яъни чет эллардаги сайлов участкаларида берилган овоз натижаларини қамраб олмайди. Якуний натижалар жума куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Сайловчи рўйхатига 7 млн киши, жумладан, республика ташқарисида яшовчи 11,7 минг киши (0,16 фоиз) киритилди. Сайловда жами 86,75 фоиз, чет эллардаги участкаларда эса 82,85 фоиз сайловчи овоз берди.