Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2015 йил 7 октябрь куни мамлакатимизга расмий ташриф буюрди.

Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди, деб хабар қилади ЎзА. Қисқа суҳбатдан сўнг Туркманистон делегацияси Кўксарой мажмуида ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга расмий сафари доирасидаги асосий тадбирлар 8 октябрга мўлжалланган.

Олий даражадаги учрашувлар чоғида Ўзбекистон ва Туркманистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

Расмий сафар якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, иқтисодиёт, транспорт, божхона, туризм, фан-техника, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган.