Ўн тўққиз ёшгача бўлган футболчилардан иборат Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 2016 йили Баҳрайнда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига йўлланма олди, деб хабар қилади ЎзА.

"А" гуруҳидан жой олган футболчиларимиз Бангладешда ўтказилган саралаш босқичида Бутан, Шри-Ланка ва Бангладеш ёшлар терма жамоалари билан баҳслашди.

Саралаш босқичининг биринчи турида футболчиларимиз бутанлик тенгдошларини йирик — 7:0, иккинчи учрашувда Шри-Ланка терма жамоасини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Гуруҳдаги сўнгги учрашувни мезбонларга қарши ўтказган Жасур Абдураимов шогирдлари 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан ҳужумга эътибор қаратган футболчиларимиз 2-дақиқада ҳисобни очди. Голни Достон Иброҳимов урди. 62-дақиқада Достоннинг ўзи яна рақиб дарвозасига аниқ зарба йўллаб, ҳисобни 2:0 га етказди. 79-дақиқада Бобур Абдуҳолиқов, учрашувга қўшиб берилган дақиқаларда Суҳроб Нуруллоев бангладешликлар дарвозасига биттадан тўп киритиб, терма жамоамизнинг ғалабасини таъминлади.

Барча учрашувларда йирик ҳисобда ғалаба қозонган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 9 очко билан "А" гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб, 2016 йили Баҳрайнда ўтказиладиган ўн тўққиз ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида қатнашиш имкониятига эга бўлди.