Душанба куни йигирма биринчи «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркаси (ТХТЯ) иш бошлади. Унинг очилиш маросимида «Ўзбектуризм» Миллий компанияси раиси Фаррух Ризаев, Жаҳон туризм ташкилотининг (ЮНВТО) ижрочи директори Золтан Шомоги, Россия Федерациясининг Туризм бўйича федерал агентлиги раҳбари ўринбосари Сергей Корнеев ва дипломатия корпуси вакиллари иштирок этди.

Ярмарканинг илк кунида «Ипак йўли таъми» миллий таомлар фестивали, «Шарқ бозори», Қашқадарё вилоятининг миллий стендида сопол буюмлар тайёрлаш бўйича интерактив маҳорат сабоқлари, шунингдек, «Маданий меросни асраш Ўзбекистон — сайёҳлик соҳаси ривожининг муҳим омили» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

«Ўзбектуризм» матбуот хизматининг хабар қилишича, конференцияда миллий ва халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда маданий меросни асраш, Ўзбекистоннинг Буюк ипак йўлида тутган ўрни, туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини замонавийлаштириш масалаларини муҳокама қилди.

ТХТЯ-2015 нинг иккинчи кунида сайёҳлик фаолияти билан шуғулланувчи маркетолог ва экспертлар учун семинар ташкил этилиб, уларга халқаро кўргазмаларда иштирок этиш, турли маҳсулотларни сотиш усуллари бўйича тавсиялар берилади. «Ипак йўли таъми» ва «Шарқ бозори» фестиваллари давом этади, фольклор-этнографик ансамбллар чиқишлари бўлиб ўтади. Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари стендларида мос равишда сопол буюмлар тайёрлаш ва ганчкорлик ҳамда қўғирчоқ ясаш бўйича маҳорат сабоқлари берилади.

7 октябрга қадар давом этадиган ярмаркада 30 га яқин мамлакатдан 700 дан ошиқ компания вакиллари иштирок этмоқда.