Иқтидорли ёшларнинг АКТ соҳасидаги стартап-лойиҳаларни бошланғич босқичида қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва уларни оммалаштиришга қаратилган IdeaLab стартап акселерация-олди дастури Ўзбекистонда илк бор ишга туширилмоқда. Дастур Савдо-саноат палатаси билан БМТ Тараққиёт Дастурининг «Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқич)» қўшма лойиҳаси ҳамда Startup Innovation Group компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Халқаро амалиётда акселерация-олди дастурлари стартап экотизимининг муҳим қисми хисобланади. Ушбу босқичда иштирокчиларнинг бизнес-ғоялари синовдан ўтказилади.

Стартап лойиҳалари билан IdeaLab дастури доирасида уч босқичда иш олиб борилади. Ҳар бир босқич учун танлов асосида 10 та АКТ ва технологик бизнес соҳасидаги стартап ғоя танлаб олинади. Дастур иштирокчилари бир ой давомида мутахассислар билан маслаҳатлашиш ва ғояларини муваффақиятли амалга ошириш эҳтимолини аниқлаш имкониятига эга бўлади.

«Иштирокчилар ментор, яъни устозлар билан бирга лойиҳа ғояларини Lean Startup (тежамкор стартап) услуби бўйича синовдан ўтказади. Мабодо улар тўлақонли жамоа тузишга муваффақ бўлса, лойиҳаларининг энг кичик шаклини ишга тушириб, кўзланган истеъмолчилар фикрини ўрганиш имконига ҳам эга бўлади», — деди Startup Innovation Group компанияси раҳбари Елена Селезнёва.

Унинг сўзларига кўра, тежамкор стартап ёндашуви ғояларни энг қисқа муддат ичида синаб кўришга, бизнес моделини танлаш ва талабга эга бўлмаган маҳсулотни яратиб, уни ривожлантиришга кетадиган харажатларнинг олдини олишга кўмаклашади.

Ҳар бир босқич якунида иштирокчилар лойиҳаларини тақдим этиши ва инвесторларни ҳамкорликка жалб этиши учун тақдимот куни ўтказилади. Энг яхши лойиҳалар кенгайтирилган ва узоқ муддатли StartupFactory дастурида қатнашиш имконига эга бўлади.

Дастур доирасида маҳаллий олий таълим муассасалари билан бирга республикамизнинг учта вилоятида икки кунлик маҳорат сабоқлари ўтказилади. Танлаб олинган 60 та ғоя муаллифи стартапларни ишга тушириш бўйича билимини оширади, ғояларини бизнес-лойиҳаларга айлантиради ҳамда стартап акселерация-олди ва акселерация дастурларида иштирок этади.

Мазкур ташаббус Sasol компанияси ва Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси молиявий кўмаги билан янги иш ўринлари яратиш, ёшларни иш билан таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш мақсадида амалга оширилмоқда.