Ўзбекистонлик халқаро гроссмейстерлар Жаҳонгир Воҳидов билан Дмитрий Қаюмов Қаюмов стандарт шахмат бўйича Малайзияда ўтказилган халқаро фестиваль мусобақалари ғолиби бўлишди, дея хабар қилади Sehrli Shahmat сайти.

Тошкентлик шахмат устаси Дмитрий Қаюмов (2389) 9 имкониятдан 8 очко (7 та ғалаба, 2 та дуранг) тўплаб, 6th KLK Tan Sri Lee Loy Seng Seniors Open 2015 ветеранлар мусобақасида биринчи ўринни эгаллади ва россиялик Александр Фоминихдан (2439, иккинчи ўрин) 0,5 очко, индонезиялик Ронни Гунавандан (2371, учинчи ўрин) 1 очко ўзиб кетди.

Самарқандлик Жаҳонгир Воҳидов(2532) 18 та мамлакатдан 141 нафар шахматчи иштирок этган 12th IGB Dato' Arthur Tan Malaysian Open 2015 турнирида ғолиб бўлди. Турнирнинг 6 нафар иштирокчиси 9 имкониятдан 7 тадан очко жамғаришди, лекин Жаҳонгир қўшимча кўрсаткич бўйича биринчи ўринга лойиқ топилди.