30 сентябрь куни Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги Сайрам қишлоғида қўлда гилам тўқиш студияси очилади. Ушбу студия Самарканд вилояти ва Пастдарғом тумани ҳокимликлари, шунингдек, «Ўзбекистоннинг қишлоқ туманларида барқарор ҳамжамиятлар яратиш: иқтисодий равнақ ва соғлом атроф муҳит» синов лойиҳаси доирасида БМТТДнинг «Сув ресурсларини келишган ҳолда бошқариш ва Зарафшон дарёси бассейнида сувни тежаш» лойиҳаси саъй-ҳаракатлари билан яратилди.

Ушбу намуна лойиҳасини амалга оширишда БМТТД ва «Coca Cola» компаниясининг «Янги дунё: Инсониятнинг инклюзив барқарор тараққиёти бўйича ташаббуслар» деб номланган глобал дастури молиявий кўмак кўрсатиб, айни мақсад учун 75 минг АҚШ долларилик маблағ ажратди. Лойиҳадан иккита мақсад: биринчиси — қишлоқ жойда қўлда гилам тўқиш студияси очиш, иккинчиси — қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, шунингдек, аҳолининг санитария ва гигиена масалаларидан огоҳлиги ва потенциалини ошириш кўзланган.

БМТТД лойиҳасидан хабар қилишларича, студияда ишлаб чиқариш жараёни тўлақонли бўлишини таъминлаш мақсадида дастгоҳ, техника, мебель ва усбоб-ускуналар сотиб олиш, мутахассис ва консультантларни жалб қилиш учун жами 51 минг доллар сарфланди. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи билан маҳсулот ишлаб чиқариш учун ишчи ёллаш масаласи ўша жойнинг ўзида ҳал этилди. Пастдарғом туманидаги Сайрам ва Каналёқа қишлоқларида яшовчи аёллар орасидан танлаб олинганлар учун «Самарқанд-Бухоро ипак гилами» қўшма корхонаси ўрнида ташкил этиладиган студияда табиий ипакдан қўлда гилам тўқиш техникаси, дизайн ва маркетинг бўйича икки ойлик амалий курс ташкил қилинди.

Тингловчилар ушбу санъат турининг пайдо бўлиш тарихи, ўта мураккаб нақшларни ҳосил қилиш техникаси, ипак толаларини бўяш, шунингдек, қадим замонларда оналардан қизларга ўтиб келган дизайн намуналари билан танишди. Қўлда гилам тўқиш мураккаб ва сермеҳнат жараён бўлиб, махсус кўникма, тоқат, сабр, чаққонлик ва диққатни талаб қилади. Умуман олганда, ушбу кўҳна санъат тури билан 30 дан ошиқ аёл танишди.

Студиянинг очилиш маросимида Ўзбекистонда илк марта ишлаб чиқилиб, чоп этилган «Қўлда ипакдан гилам тўқиш қўлланмаси» тақдимоти бўлиб ўтади.