Ўзбекистон ТИВ Сингапурга отланаётган кишиларга ушбу мамлакатда кузатилаётган ноқулай экология ҳолатини инобатга олишни тавсия қилди.

Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси маълумотига биноан, 2015 йил 25 сентябрь ҳолатига кўра, ушбу мамлакатда ҳавонинг ёнғин сабабли ифлосланиши жорий йил кузатув даврида рекорд даражага — PSI («Pollutant Standards Index») шкаласи бўйича 324 пунктга етди. Ваҳоланки, 100 баллдан ортиқ ифлосланиш инсон ҳаёти учун хавфли ҳисобланади.

Маҳаллий метеорология хизматлари кучли тутун ҳолати узоқ муддат сақланиб қолиши мумкинлигини айтмоқда. 

Шу сабабли Сингапурга йўл олаётган Ўзбекистон фуқароларига ушбу мамлакатда кузатилаётган ноқулай экология ҳолатини инобатга олиш тавсия этилмоқда.