21-23 сентябрь кунлари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари (ЎзДЖТУ) университетида Европа тиллари куни нишонланди. Ўзбекистондаги Британия Кенгаши, Гёте Институти, Франция элчихонаси ва Европа Иттифоқи делегацияси ЕИ мамлакатлари маданий муассасалари уюшмаси (EUNIC) шафелигида ушбу тадбир ташаббускорлари бўлди.

Тадбирнинг мақсади дунё мамлакатлари маданиятлари ва тиллари хилма-хиллиги ҳақида билимларни ошириш бўлди. Унда турли мамлакатларнинг элчихоналари ва маданий марказлари вакиллари, Тошкентдаги ОТМ, лицей ва коллежларнинг чет тили ўқитувчилари ҳамда чет тилларни ўрганаётган талабалар иштирок этди.

Дастлабки икки куннинг тарбирлари Чет тиллардан билимларни баҳолашнинг умумевропа тизими (CEFR), уни бутун жаҳонда тилларни ўрганиш ва ўқитишга татбиқ қилишга бағишланди. CEFR бўйича семинарга Ўзбекистондаги мактаб, коллеж, лицей ва ОТМда инглиз, немис ва француз тилларидан дарс берувчи 100 га яқин ўқитувчи йиғилди.

23 сетябрь куни ЎзДЖТУда интерфаол кўргазма бўлиб ўтди, унга келганлар тил ва маданиятлар ранг-баранглиги ҳақидаги билимни оширувчи машқларда қатнашди ва ҳар бир тилнинг бир-иккита сўзини ёдлаш имкониятига эга бўлди. Кўргазмада Гёте Институти, Британия Кенгаши, ЕИ делегацияси, Франция, Украина, Болгария, Грузия, Латвия, Руминия, Швейцария, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари қатнашди.