Россия, Фаластин ва Туркия призидентлари Владимир Путин, Маҳмуд Аббос ва Режеп Тайип Эрдўған чоршанба куни Москва жоме масжиди янги мажмуасининг очилиш маросимида қатнашди.

Янги мажмуа кенг миқёсли қайта қуриш ишлари бажарилгандан сўнг очилди ва майдони анча кенгайди. Энди Россия пойтахтидаги энг катта масжидда бир вақтда 10 минг киши намоз ўқиши мумкин. Бу ҳақда Кремль сайти хабар тарқатди.

«Москванинг энг кўҳна масжидларидан бири тарихий ўрнида қайта қурилди ва Европадаги энг катта масжид бўлди», — деди В.Путин унинг очилиш маросимида.

Россия президентининг фикрича, ислом дини Россия қонунлари бўйича анъанавий динлардан биридир ва ушбу мамлакатнинг миллионлаб фуқаролари бу динга эътиқод қилади.

«Бугун анъанавий ислом мамлакатимиз маънавий ҳаётининг ажралмас қисмидир. Унинг инсонпарварлик ғоялари, бошқа анъанавий динларнинг қадриятлари сингари меҳр-шафқат, адолат ва яқин кишиларга меҳрибонликка ўргатади. Буни барчамиз юксак қадрлаймиз», — дея таъкидлади Россия президенти.