Ҳукуматнинг 17 сентябрь куни қабул қилинган қарорига кўра, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси янги «Поп-Қўқон-Андижон» темир йўл участкаси электрлаштиради.

Узунлиги 186 км бўлган темир йўл участкаси қурилиши 2013 июль ойидан бери давом этаётган ва электрлаштирилган «Ангрен-Поп» линиясининг давоми бўлади.

Янги участка «Ангрен-Поп» лойиҳасини амалга ошириш вақтида тежалган маблағлар ҳисобига электрлаштирилади.

Ҳукумат «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Ўзбекэнерго» компанияларига «Поп-Қўқон-Андижон» темир йўл участкасини электрлаштиришни ҳамда ташқи электр таъминоти объектларини қуришни лойиҳалаштириш, ишчи ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир пайтда амалга оширишга рхсат берди.

Узунлиги 124 км бўлган «Ангрен-Поп» линиясини 2016 йил июль ойида ишга тушириш мўлжалланмоқда. Йўл Қамчиқ довони орқали ўтиб, Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг қолган ҳудуди билан туташтиради, шунингдек, «Хитой-Марказий Осиё-Европа» халқаро транзит темир йўл коридорининг бир қисми бўлади.

Қиймати 455 млн доллар бўлган туннелни Хитойнинг China Railway Tunnel Group компанияси қурмоқда. Умумий қиймати 1,68 млрд долларлик лойиҳа халқаро молия муассасалари кредитлари ва Ўзбекистон маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. 

Қурама тоғлар ўркачида жойлашган довоннинг баландлиги денгиз сатҳидан 1200 метрдан ошади ва у орқали Фарғона водийси вилоятларини Ўзбекистоннинг қолган қисми билан боғлаб турадиган автомобиль магистраль йўли ўтади. Қишда қор кўчиш хавфи борлиги учун йўлнинг ушбу қисми вақти-вақти билан ёпилиб қолади.