18 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) кенгашининг 27-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва ШҲТ МАТТ ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди, дея хабар қилади ЎзА.

Мажлисда ШҲТ МАТТ кенгашининг аввал қабул қилинган қарорларини бажариш бўйича ШҲТ МАТТ ижроия қўмитасининг фаолияти маъқулланди, шунингдек, ушбу ташкилот ва ШҲТга аъзо мамлакатлар ваколатли органлари чегара хизматлари экспертлар гуруҳининг 2016 йилга мўлжалланган иш режалари тасдиқланди.

«Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. ШҲТга аъзо мамлакатлар ваколатли органлари биргаликда ўтказган „Марказий Осиё-Аксилтеррор — 2015“ аксилтеррор машғулотлари якунларига юқори баҳо берилди», -дейилади хабарда.

Мажлисда ШҲТ МАТТ ижроия қўмитаси фаолиятини ташкилий ва кадрлар билан таъминлаш, аъзо мамлакатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга доир масалалар юзасидан ҳам қатор қарорлар қабул қилинди.

ШҲТ МАТТ кенгашига раислик Ўзбекистон Республикасидан Қозоғистон Республикасига ўтди.