18 сентябрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида (ЎзДЖТУ) профессионал таржимонларни тайёрлаш бўйича Кореянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) кўмагида замонавий жиҳозланган аудитория очилди.

KOICAнинг Тошкентдаги ваколатхонасидан «Газета.уз»га хабар қилишларича, очилиш маросимида ЎзДЖТУ ректори Шуҳрат Қаюмов, Корея Республикаси элчиси Ли Ук Хен ва KOICA офиси директори Им Жонг Хи иштирок этди.

Таржимонлар учун замонавий ускуналар билан жиҳозланган аудиториянинг ташкил этилиши малакали мутахассисларни тайёрлаш сифатини яхшилайди, деди KOICA вакили. Бундан ташқари, ўзбекистонлик мутахассисларни Кореядаги курсларга, корейс мутахассисларини эса Ўзбекистонга таклиф қилиш режалаштирилмоқда. 

«Глобаллашув даврида рақобатбардошлилик чет тилларни қанчалик яхши билишга боғлиқ, — деди Корея Республикаси элчиси Ли Ук Хен очилиш маросимида. — Профессионал таржимонларни тайёрлаш бўйича ушбу аудиториянинг очилиши ёш кадрлар жуда яхши шароитда билим олишига хизмат қилади».

KOICAнинг 2012 йилдан бери ЎзДЖТУ ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида (ЖИДУ) амалга оширилаётган 1,3 млн долларлик лойиҳаси доирасида профессионал таржимонларни тайёрлаш соҳасидаги тузилма тизимга солинди ва ўқитиш модернизация қилинди. Июнь ойида ЖИДУда Компьютер ёрдамида имтиҳон олиш ва профессионал таржимонларни тайёрлаш маркази очилган эди.