Ucell мобил алоқа оператори TeliaSonera швед-фин гуруҳининг Ўзбекистон ҳам кирадиган Евросиё минтақасидаги бизнесини қисқартириши тўғрисидаги баёнотига изоҳ берди.

Ucell «тинмай ишлаб, маҳаллий стратегияси ва ривожлантириш режаларини жорий қилишни давом эттиради», — дейилади операторнинг «Газета.уз»га берган баёнотида.

«Ucell компанияси TeliaSonera оиласи таркибида 7 йил мобайнида бебаҳо халқаро тажрибани тўплади ва мамлакатнинг телекоммуникация инфратузилмасига йирик миқдорда сармоя киритди. Ucell компанияси кучли ва замонавий бўлиб, янада профессионаллашди ҳамда бундан буён ҳам ўзбекистонлик абонентларига сифатли мобил алоқа, замонавий хизматларнинг кўплаб турлари, ҳамёнбоп нархлар таклиф этишга тайёр», — дея таъкидланади баёнотда.

«Бундан ташқари, Ucell компанияси корпоратив бошқарув ва барқарор бизнес нуқтаи назаридан ўта такомиллашди. Ucell жамоаси вазифаларини профессионал бажариш ва биринчи навбатда ўта сифатли мобил алоқа хизмати кўрсатишга ҳар қачонгидан кўра тайёр», — дейилади баёнотда.

«Ucell мижозлари ва ҳамкорларини ишонтириб айтадики, бугунги кунда компаниянинг бизнес ҳаёти мутлақо ўзгармайди. Ucell мижозлари унинг ҳозирги сервис ва хизматидан барча йўналишлар бўйича тўхтовсиз баҳраманд бўлаверади», — дея қайд этилади.

TeliaSonera компаниялар гуруҳи «COSCOM» МЧЖ чет эл корхонасининг акционеридир ва Ўзбекистондаги фаолиятини Ucell савдо белгиси билан амалга оширмоқда. TeliaSonera гуруҳининг Евросиё" минтақасига Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Молдова, Ўзбекистон, Тожикистон ва Непал киради.