Кураш 2018 йил 18 августдан 2 сентябргача Жакартада (Индонезия) бўлиб ўтадиган 18-Ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилди. Бу ҳақда 16 сентябрь куни Ашхободда Осиё олимпия кенгашининг (ООК) бош ассамблеясида эълон қилинди, дейилади Халқаро кураш ассоциацияси (ХКА) сайтида.

ООК шафелигида ҳар тўрт йилда ўтказиладиган Ёзги Осиё ўйинлари спорт оламида ёзги Олимпиададан сўнг йириклиги ва аҳамиятига кўра иккинчи ўринда туриши эътироф этилган.

«Бугун кураш ва ХКА, қолаверса, ушбу спорт туримизнинг Осиё ва жаҳондаги мухлислари учун чин маънода тарихий кун бўлди, — деди ХКА президенти ва ООКнинг Осиё ўйинлари департаменти бошлиғи Ҳайдар А. Фармон. — Курашнинг қитъадаги энг муҳим олимпия ўйинлари расмий спорт дастурига киритилиши ушбу спорт турини нафақат Осиёда, қолаверса, бутун сайёрада янада кенг ривожлантириш учун янги давр бошланаётганини билдиради. ХКА номидан ООКни, ушбу ташкилот ва Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти, Кураш конфедерациясининг фахрий президенти шайх Аҳмад Ал-Фаҳад ас-Сабаҳга курашни 2018 йилдаги Ёзги Осиё ўйинлари дастурига қўшгани учун миннатдорлик билдирамиз».

Эълон қилинган дастурга кўра, Индонезияда бўлиб ўтадиган ўйинларда кураш бўйича эркаклар ўртасида 7 та , аёллар ўртасида эса 8 та вазн тоифасида 15 та медаллар тўплами ўйналади.

Энди кураш 2016 йили Вьетнамдаги Осиё соҳилбўйи ўйинлари, 2017 йили Туркманистондаги ҳарбий жанг санъати бўйича бинолардаги Осиё ўйинлари ва 2018 йили Индонезиядаги Ёзги Осиё ўйинлари каби учта расмий спорт мусобақаси дастуридан жой олди.