Тошкентнинг «Бунёдкор» ва Қаршининг «Насаф» клублари футбол бўйича Ўзбекистон кубоги финалига чиқишди, деб ҳабар қилади ЎзА.

Тошкентнинг «Бунёдкор» ва «Пахтакор» командалари ярим финалда икки марта учрашди . Дастлабки ўйинда «Пахтакор» жамоаси «қалдирғочлар»га 3:2 ҳисобида имкониятни бой берган, шу боис Нўъмон Ҳасанов шогирдларига йирик ҳисобдаги ғалаба зарур эди.

Ўйин бошидан устунликка интилган «Пахтакор» бир неча бор ҳужум уюштирди. Аммо 25-дақиқада «Бунёдкор» аъзолари ташкил этган қарши ҳужум муваффақиятли якунланди. Голни жамоа ҳужумчиси Элдорбек Шомуродов урди. Ўйиннинг қолган дақиқаларида ҳисоб ўзгармади. Шу тариқа «Бунёдкор» мамлакат кубоги финалига йўл олди.

Қайд этиш жоизки, «Пахтакор» жамоаси ўн уч бор мазкур мусобақа финалида иштирок этиб, ўн бир марта ғолиб бўлган. «Бунёдкор» эса етти финалдан тўрттасида зафар қучган.

15 сентябрда ўтказилган ярим финал учрашувида Тошкентнинг «Локомотив» клуби Қаршининг «Насаф» жамоасини қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Қаршида ўтказилган дастлабки ўйинда «Насаф» клуби вакиллари рақибларини 2:0 ҳисобида енгган. Икки ўйин натижасига кўра, қаршиликлар мусобақанинг финал босқичига йўл олди.