«Ўзнефтмаҳсулот» компанияси раҳбарияти сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги АЁҚШларда автобензинга бўлган навбат кўпайганига изоҳ берди.

Компания сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, кузатилаётган ҳолатга «айрим шов-шув ишқибозларининг „Ёнилғи ишлаб чиқариш камайиб кетгани сабабли автобензин тақчиллиги юзага келиб, унинг нархи ошар экан“, қабилидаги уйдирмаларига ишонган баъзи ҳамюртларимизнинг автобензинни мумкин қадар кўпроқ захира қилиб олишга ҳаракат қилаётгани ҳам сабаб бўлмоқда».

«„Ўзнефтмаҳсулот“ акциядорлик компанияси сизларни тўлиқ ишонтириб таъкидлайдики, мамлакатимизда автобензин ва бошқа ЁММлар таъминоти бўйича муаммо йўқ, бўлмайди ҳам. Чунки республикамизда жаҳон стандартларига жавоб берадиган барча ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари етарли миқдорда ишлаб чиқарилмоқда. Нефть хомашёси нафақат мамлакатимиз ички эҳтиёжини қондириш, балки муайян миқдордаги ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини экспорт қилиш учун ҳам етарли миқдорда қазиб чиқарилиб, қайта ишланмоқда», — дейилади компания баёнотида.

Айни кунларда юзага келган муаммони зудлик билан ҳал этиш, камчиликларни бартараф этиш, аҳолининг автобензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш юзасидан барча чора-тадбирлар кўрилмоқда ва вазият тез фурсатда ўнгланади, деб таъкидланади баёнотда.

«Ўзнефтмаҳсулот» ҳамюртлардан «хавотирга берилмасликни ва ёнилғи нархининг ошиши ҳақидаги турли шов-шувларга ишонмаслик»ни илтимос қилди. Компания, шунингдек, хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига зид равишда хонадонларда ёки мосланмаган бошқа жойларда автобензинни тўпламасликка чақирди.