15 сентябрь куни пойтахтдаги «Ўзэкспомарказ»да ICTWEEK Uzbekistan 2015 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ICTEXPO Uzbekistan 2015 кўргазмаси очилди. Кўргазма Самарқанд шаҳридаги Тошкент Ахборот технологиялари университети филиали биносида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Кўргазманинг очилиши маросимида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Хуршид Мирзоҳидов сўзга чиқиб, АКТ ҳафталигига қизиқишнинг доимий тарзда ўсиб бораётгани ушбу соҳанинг ривожланиш тенденциялари ва замонавий технологияларнинг ҳаётнинг барча соҳаларига чуқур кириб бораётганини акс эттиришини таъкидлади.

ICTEXPO кўргазмаси мобил алоқа, интернет, телекоммуникациялар, дастурий таъминот саноати, электрон ҳукумат, электрон тижорат ва бошқа йўналишларни қамраб олади. Кўргазмада 150 дан ошиқ компания ва ташкилот иштирок этмоқда. 

Бу йилги АКТ ҳафталигининг бош ҳомийси Хитойнинг Huawei компаниясидир. Компания Р8 смартфони ва бошқа қурилмалари баробарида бир қанча маълумотларни сақловчи тизимларни ҳам намойиш қилмоқда. 

«Компаниямиз 15 йилдан бери Ўзбекистон бозорида муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда, — деди Huawei Technologies вице-президенти Лин Ру Чи хоним. — Huawei 170 дан ошиқ мамлакатда иш олиб боради. Ўзбекистон биз учун муҳим аҳамиятга эга, чунки у биз Марказий Осиёда кириб келган илк мамлакат бўлди. Шунинг учун биз ушбу бозордан ва мамлакатингиздаги мижозларимиздан миннатдормиз».

ICTEXPO Uzbekistan кўргазмасида намойиш эталаётган маҳсулотларни тавсифлаб ўтиришнинг кераги йўқ — уларни бориб кўриш, синаш ва текшириш керак.

17 сентябрга қадар давом этадиган Тошкентдаги ICTEXPO Uzbekistan кўргазмаси турли воқеаларга бой бўлади. Унинг доирасида янги Huawei P8 смартфони тақдимоти, Gadget Fair гаджетларнинг савдо ярмаркаси, киберфутбол бўйича Uzbekistan Cyber Games FIFA15 мусобақалари финали ва бошқа кўплаб тадбирлар бўлиб ўтади.

Фото