10 сентябрь куни Варшавада Ўзбекистон билан Польша ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг олтинчи туркуми бўлиб ўтди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Польша делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Конрад Павлик бошчилик қилди.

Учрашувда мамлакатлар орасидаги ҳамкорлик ҳозирги кунда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда қарийб 50 та икки томонлама ҳужжатларни ўз ичига олган мустаҳкам шартнома-ҳуқуқий асосга эга экани ва ҳамкорликнинг мавжуд қўшма механизмларига асослангани таъкидланди.

Музокаралар давомида турли соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни, жумладан, Ўзбекистон билан Польша ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни, улардан таркиб топган делегацияларнинг ўзаро сафарларини ҳамда икки мамлакатнинг инвестиция салоҳиятига бағишланган форум ва тақдимотлар ўтказишни янада қўллаб-қувватлашга томонлар тайёр экани билдирилди.

Маслаҳатлашувлар давомида Ўзбекистон-Польша кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Польша ҳукуматлари ўртасида дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисидаги битим имзоланди.