«Навоийазот» корхонасининг 1-цехида 2 сентябрь куни эрталаб юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатида 11 киши енгил тан жароҳати олди, деб хабар берди Навоий вилояти ҳокимлигининг «Дўстлик байроғи» газетаси.

Ҳодисадан жабр кўрганлар корхона шифохонасига етказилиб, уларга керакли тиббий ёрдам кўрсатилди. Жароҳатланганларнинг 7 нафари шифохонада ётиб даволанишни рад этди, 1 беморга эса эртаси куни уйига жавоб берилди.

«Корхона маъмурияти ва барча ходимларининг тез­кор ва уюш­қоқ саъй-ҳаракат­лари натижасида ҳодиса оқи­бат­лари бар­тараф эти­либ, цехнинг ишлаб чи­қа­риш кўрсаткичлари ав­вал­ги даражага кўтарилди», — дейилади газета хабарида.

Шу билан бирга газета айрим интернет нашрларининг «кимё заводи раҳ­ба­рия­ти жабрланганлар ва »қурбон бўл­ган"лар ҳа­қидаги маълумотлар ҳам­да воқеа сабабларини сир ту­тяпти", қабилида тарқатган хабарларини ҳақиқатга тўғри кел­майди, дея баҳолади.

«Ушбу хатти-ҳаракатлар сайт­­ларнинг оммабоп­ли­гини оши­риш мақса­дида, гўёки йирик кимё ишлаб чиқариш корхонасида юз берган „портлаш“ атро­фи­да „паш­ша­дан фил ясаш“­дан ўзга нарса эмасдир», — деб ёзади газета.

Хабар қилинишича, юз берган ҳодисани текшириш учун махсус комиссия ту­зилди ва у воқеа са­баб­ла­рини ўрганиб чиқмоқда.