«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатларига парвоз қилиш учун Европа авиация хавфсизлиги агентлиги (EASA) рухсатномасини қўлга киритди, деб хабар берди авиакомпания матбуот хизмати.

ЕИ мамлакатлари аэропортларига қатновчи авиакомпаниялар ҳаво кемаларининг хавфсизлиги мониторингига рухсат бериш ва ташкил этишни амалга ошириш бўйича янги тартиб 2014 йил 26 майдан кучга киргани сабабли рухсатнома олиш зарур эди.

«EASA рухсатномаси МАКда халқаро стандартлар талабларига риоя этиш билан таъминланадиган авиация хавфсизлиги даражаси юқори эканини яна бир карра исботлади. МАК парвозлари хавфсизлиги бўйича инспекция мутахассислари уни олиш учун кўп ишларни бажаришига тўғри келди», — дейилади хабарда.

Унда таъкидланишича, «ЕАSAга барча маълумотлар — авиакомпания фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, парвозлар хавфсизлигини бошқариш тизимининг татбиқ этилганлик даражаси, мавжуд флот ҳақидаги тўлиқ маълумотлар ва ҳ. к. тақдим этилди. Аризани кўриб чиқиш даврида Парвозлар хавфсизлиги инспекцияси ва Uzbekistan Airways Technics авиакорхонаси мутахассисларининг қалин ҳамкорлиги натижасида тақдим этилган маълумотлар узлуксиз янгилаб турилди».

«Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси ЕАSAнинг бирорта ҳам эътирозисиз рухсатнома олди ва бу ҳол унинг жаҳон авиабозоридаги ишончли ва хавфсиз авиакомпания эканини яна бир бор тасдиқлади», — деб таъкидлади «Ўзбекистон ҳаво йўллари» матбуот хизмати.